07 Noy 2022

ҚАШҚАДАРЁДА “MEROS PHARM” МЧЖ ҚАРШИ ФИЛИАЛИ УЛГУРЖИ ОМБОРХОНАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бугунги кунда республикамиз бўйлаб 8 мингга яқин мижозга 6 минг турдаги дори-дармон воситаларини етказиб бериш фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Meros Pharm” МЧЖ 100 дан ортиқ хорижий ва 300 дан ортиқ маҳаллий ҳамкорлар билан иш юритиб келади.

Ҳозирга қадар мазкур масъулияти чекланган жамият Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида филиалларига эга бўлиб, бугун Қарши шаҳридаги “Қавали кичик саноат зонаси”да “Meros Pharm”нинг олтинчи – Қарши филиали улгуржи омборхонаси иш бошлади.

Мазкур лойиҳанинг тантанали очилишида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, вилоят сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

“Meros Pharm” МЧЖнинг Қарши филиали улгуржи омборхонаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари учун логистик марказ бўлиб, мазкур лойиҳа учун 8 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция киритилди. Ушбу лойиҳа ишга тушиши билан бугунги кунда 40 та янги иш ўринлари яратилди ва келгусида бу кўрсатгични 100 тага етказиш режалаштирилган бўлиб, бу ерда ходимларнинг меҳнат қилишлари учун барча қулайликлар, хусусан ошхона, ётоқхона ва ювиниш хоналари ҳам бунёд этилган.