Қарши шаҳрида навбатдаги Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ҳокими Муротжон Азимов очиб берди.
Ярмаркада 250 дан ортиқ маҳаллий ва республикадаги саноат ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг 900 га яқин маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда.
Хусусан, Республика миқиёсидаги тармоқ ва уюшмалар таркибидаги корхоналар, Тошкент шаҳридан, шунингдек қўшни Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан 30 га яқин корхоналар ҳам ташриф буюришган.
Бу каби ярмаркаларнинг ташкил этилиши ишлаб чиқарувчи корхоналар ва истеъмолчи субъектлар ўртасида ўзаро келишув битимлари, шартномалар тузиш учун қулай имкониятдир.
Вилоятимиз республиканинг йирик саноат корхоналари жойлашган ҳудуд ҳисобланиб, асосан нефть ва газ, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электро энергетика саноати бўйича республикада етакчи ўринда туради.
Бугунги кунда вилоятимизда 54 та йирик ва 5,4 мингдан ортиқ кичик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда.