27 Iyul 2023

КОСОН САНОАТ ЗОНАСИДА 50 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Ҳозирги кунда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан Косон саноат зонасида Президентимизнинг 465-сонли (30.12.2022) Фармони асосида лойиҳалар амалга оширилиши ишлари олиб борилмоқда.

“Bunyodkor” МЧЖ томонидан 21 га майдонда 3 та йирик лойиҳа ишга туширилиши натижасида, мингдан ортиқ иш ўрни яратиш ва экспорт ҳажмини 30 миллион долларга ошириш режалаштирилган.

Қиймати 50 миллион долларлик тўқимачилик лойиҳаси йилига 5200 тонна мато ишлаб чиқариш цехини кенгайтиришдан бўяш, пардозлаш, шунингдек, тайёр трикотаж буюмларини тикиш учун ишлаб чиқаришни кенгайтиришгача бўлган бир неча босқичда амалга оширилади. Ушбу лойиҳа учун Германия, Италия, Туркия ва Тайвандан 14,4 млн. евро миқдорида замонавий ускуналар сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди.

Тўқимачилик лойиҳасидан ташқари яна иккита лойиҳа амалга оширилади. Улардан бири қиймати 2,9 млн. долларлик 5 минг тонна ҳажмида пахта чигитини қайта ишлаш, ва иккинчиси 3 млн. лик лойиҳа – синтетик пахта ёғи ишлаб чиқаришдир.

Бундан ташқари, 2023-2024 йилларга мўлжалланган икки босқичли, умумий қиймати 56 млн. долларга тенг бўлган “Газлама ишлаб чиқариш, бўяш, пардозлаш ва тайёр трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек,истикболли лойиха сифатида сувни тозалаш иншоати ҳам барпо этилиши кутилмоқда.