05 Iyul 2023

ИТАЛИЯНИНГ ЭНГ НУФУЗЛИ ВА ЙИРИК ТЕКСТИЛЬ КОМПАНИЯЛАРИДАН БИРИ – “COTONELLA” ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЎЗ ФАБРИКАСИНИ ОЧАДИ

Италиянинг аёллар ва эркаклар ички кийимлари ишлаб чиқарувчи йирик компанияларидан бири – «Cotonella», Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ўз фабрикасини очишга қарор қилди.

Корхона ишга туширилгач, биринчи босқичда йилига 2 миллион донагача тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 80 нафаргача кишини доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йилига 8 миллион донага етказиш учун 5 миллион доллар ажратишни мўлжалламоқда. Бунинг натижасида 500 тагача янги доимий иш ўрни яратилади.

«Cotonella» – 1972 йилда ташкил этилган тикувчилик фабрикаси. Ҳозир у аёллар, эркаклар ва болалар трикотаж ички кийимларининг етакчи брендларидан бири ҳисобланади. Компания йилига 20 миллиондан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради, улар Европанинг 24 давлатида сотилади.