23 Fev 2023

ГУАНЧЖОУДА «ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН САВДО, ИҚТИСОДИЙ ВА ИННОВАЦИЯ ҲАМКОРЛИГИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ» МАВЗУСИГА БАҒИШЛАНГАН БИЗНЕС ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

«Янги Ўзбекистон билан савдо, иқтисодий ва инновация ҳамкорлигини чуқурлаштириш» мавзусига бағишланган бизнес форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Гуанчжоу шаҳар маъмурияти, Хитой Тижорат вазирлиги шаҳар бюроси, МДҲ мамлакатлари билан илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Гуандун иттифоқи раҳбарияти, Гуандун провинцияси бизнес вакиллари, шунингдек, Қашқадарё ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда мамлакатимиздан экспортёр компаниялар вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон томони хитойлик ҳамкорлик учун таҳлилий тақдимот ўтказди.

Унда Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий экспорт маҳсулотлари, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларининг иқтисодий ҳолати ва хитойлик тадбиркорлар учун қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, шунингдек, сўнгги 6 йил ичида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сайёҳлик йўналишларида яратилган имкониятлар ва мавжуд бизнес салоҳияти ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Муҳокамалар натижасида Хитой импортёр компаниялари ҳамда мамлакатимиз экспортёр корхоналари ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.