Жорий йилнинг 19 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда электромобилларни оммалаштириш бўйича иккита қарорни имзолади.
Унга кўра, 2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобиллар утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи қисмлари, жиҳозлар, хомашё материаллари ва сервис хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод этилди.
Инвесторларга ишлаб чиқариш жараёни ўзлаштирилгунга қадар (24 ойгача) йилига 10 минг донадан (ишлаб чиқариш қувватларининг 50 фоизидан) кўп бўлмаган электромобилларни машинокомплект (SKD) ёки тайёр автомобиль (CBU) ҳолатида божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан олиб киришга рухсат берилди.
🔹2023 йил 1 январга қадар мис кластерларида электромобиллар ва қувватлантириш станциялари учун бутловчи қисмлар, шунингдек қувватлантириш станцияларининг замонавий турларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади.
2023 йил 1 декабрга қадар автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ қуйиш шохобчаларида камида 1 дона (4 та каналли) 60 кВт қувватли қувватлаш станциялари ташкил этилади.
Қувватлаш станцияларининг сонини 2024 йил якунига қадар 2 500 тага етказиш (ҳозирда 70 тага яқин) бўйича хукумат дастури тасдиқланади. Унга кўра:
- 2023 йилда электр тармоқлари, трансформатор ва нимстанцияларга туташ ҳудудлардан 1 400 та қувватлаш станциясини ўрнатиш учун ерлар аукционга чиқарилади;
- “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда камида 500 та қувватлаш станциясини қуради;
- 2023-2024 йилларда камида 500 та қувватлаш станциясини жойлаштириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг бўш ҳудудлари “K-savdo” тизими орқали аукционга чиқарилади.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:
- қувватлаш станциялари ва улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари ер солиғидан, шунингдек, қувватлаш станциялари мол-мулк солиғидан;
- асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлаш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлар фойда солиғидан ҳамда транспорт воситаларини қувватлаш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;
- импорт қилинадиган қувватлаш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади.