19 Dek 2022

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХИТОЙНИНГ “QARSHI CONCH SEMENT” КОРХОНАСИ РАҲБАРЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Аввал хабар берганимиздек, Китоб туманида Хитойнинг йирик корпорацияларидан бири тўғридан-тўғри инвестиция киритиши ҳисобидан “Qarshi Conch sement” хорижий корхонаси ишга туширилган эди.

Бугунги кунда мазкур корхонада асосий маҳсулот ишлаб чиқариш ва заводнинг кейинги босқичини ишга тушуриш бўйича ишлар давом эттирилиб, 400 нафар ходимлар меҳнат қилмоқда. Шундан, 250 нафарини маҳаллий аҳоли ташкил этади.

Учрашувда вилоят ҳокими ишончли ва истиқболли ҳамкорлик учун компания раҳбари Зоу Де Гангга миннатдорчилик билдирар экан, Китобдаги “Qarshi Conch sement” лойиҳаси ҳар икки томон учун манфаатли бўлганини таъкидлади. Хитой компанияси раҳбарини фахрий ёрлиғи билан тақдирлади.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Қашқадарё вилоятида 36 та Хитой сармояси иштирокида қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 117 млн. долларни ташкил этиб, Хитойга маҳсулотлар экспорти ҳажми 10 млн. долларга ўсишга эришилди.