28 Noy 2022

БУЮК БРИТАНИЯНИНГ ХАЛҚАРО САВДО БОШҚАРМАСИ ВА ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ ЎРТАСИДА ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ЮЗАСИДАН ВЕБИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикасининг Лондондаги Элчихонаси кўмагида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва Англиянинг нуфузли ташкилоти Ҳалқаро савдо бошқармаси ўртасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бағишланган вебинар ўтказилди.

Шунингдек, вебинарда, Қашқадарё вилояти ҳамда Буюк Британиянинг энергетика, текстиль, тоғ-кон ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида илғор тажрибага эга тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Вебинар давомида иштирокчилар Қашқадарё вилоятининг салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар юзасидан тақдимот билан танишдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов томонидан сўнги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалари, миллий заҳираси, Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган энг нуфузли хорижий корхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг инвестиция салоҳияти бўйича тақдимоти намойиш этилди.

Учрашув якунида, келгусида томонлар келишувига асосан ҳар иккала томон ишбилармон диора вакиллари ўртасида Халқаро бизнес форум ўтказиш юзасидан таклифлар ўрганилиб, келгусида бизнес форум ўтказилиши режага киритилди.